Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим бўйича конференцияси доирасида Чехия Республикаси Бош вазири Петр Фиала билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон-Чехия муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Чехия анъанавий равишда мамлакатимизнинг Европадаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 баробар, қўшма корхона ва лойиҳалар сони 3 баробар кўпайди.

Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштириш, товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича «йўл харитаси» ва аниқ лойиҳалардан иборат саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.