Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан инновациялар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирликнинг мутасаддилари, ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари, республика олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда директорлари иштирок этди.
Ҳайъат йиғилишини вазир Қўнғиротбой Шарипов бошқарди.
Йиғилишда ҳудудларни ривожлантириш ва драйвер нуқталарини белгилаш, тармоқ ва соҳаларда мавжуд бўлган муаммоларга ечим топиш, маҳаллалар, ҳар бир оиланинг турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсата оладиган илмий асослантирилган ёндашувни жорий қилишда айнан олийгоҳлар ва техникумлар жамоасининг илмий салоҳияти ва амалий тажрибасини кенг жорий қилиш масалалари муҳокама этилди.
Мана шундай тизимли ёндашув ва илмий-амалий тажрибанинг Қорақалпоғистон Республикасида бошланиши ҳам бежиз эмас. Мазкур йиғилиш Қорақалпоғистон Республикаси ва барча ҳудудлардаги олийгоҳлар ва техникумлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таълим ва инновациялар орқали кучайтириш учун муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларга топшириқлар берилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА.