Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

– Жумладан, Тахиатош ва Нукус туманларининг чекка ҳудудларида яшовчи Ижтимоий ҳимоя миллий ресстрига киритилган, оғир аҳволдаги оилалар шароити билан танишдик, – дейди бошқарма бошлиғининг Ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ўринбосари Назли Мамбетова. – Тумандаги “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.Исаеванинг муаммолари яшаш хонадонига бориб ўрганилиб, бир нафар фарзанди билан ижарада яшаши аниқланди. Фуқаро яшаш жойига яқин жойлашган болалар боғчасида  тарбиячи лавозимида ишлаш истагини билдириб, қизиқиши бўйича ёш болалар тарбиячиси, ёрдамчи тарбиячи ўқув курсида ўқитиш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро А.Кўптилеуованинг қизиқиши бўйича Нукус шаҳри “Ишга марҳамат” мономарказида пазандачилик курсида ўқитиш чоралари кўрилмоқда. Тумандаги “Найман” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, уч нафар фарзанднинг онаси Т.Юлдашева “Ҳунарли йигит-қизлар” хусусий ўқув марказида касбга ўқитилмоқда. Шунингдек, тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Хўжайли тумани “Шағалакўл” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолиятини бошлаган “Qaraqalpaq Textile” хусусий корхонаси ўрганилди. Жамоа ҳозирги кунда миллий ва тўй либосларини, кўрпача, ёстиқлар тикиш билан шуғулланиб, 35 нафар хотин-қиз ва ёшлар иш билан таъминланган. Ҳозирги кунда корхонада 20 та бўш (вакант) иш ўрни мавжудлиги аниқланди. Ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази”да ўқитилиб, иш билан таъминлаш чоралари қўрилади.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида туманлар кесимида ижтимоий хизматларни, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, меҳнат фаолиятини олиб бориш учун шароит яратиш, ўқитиб иш билан таъминлаш, ишлаб чиқарган маҳсулотини сотиб олиш, хомашё билан таъминлашни ташкил қилган тадбиркор хотин-қизлар ва ёшларнинг рўйхати шакллантирилди.

Бошқарма вакиллари томонидан 9 нафар ногиронлиги бўлган шахсни иш билан таъминлаган “Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Хўжайли ишлаб чиқариш корхонаси” масъулияти чекланган жамият раҳбари  Айтолған Дўсчанованинг иш фаолияти ўрганилди. Корхона кўрпа, матрас, ёстиқ, чойшаблар ходимлар учун махсус кийимлар тикиш билан шуғулланади. Танишиш жараёнида корхона биноси таъмирга муҳтожлиги, узоқ тумандан келиб ишловчи имконияти чекланган фуқароларнинг яшаши учун ётоқхона ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишда муаммолар борлиги аниқланди.

Чимбой туманидаги “Маржон чеварлари” корхонаси раҳбари Зулфия Нуримбетова ҳам уч нафар ногиронлиги бор хотин-қизни иш билан таъминлаган.  Улар дастлаб “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ўқитилди. Корхона раҳбари томонидан улар зарур тикув машиналари ва анжомлар билан таъминланган.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда 40 нафар фаол ёш тадбиркорнинг базаси шакллантирилди. Уларни тадбиркорликка қизиқтириш, тадбиркорлик субъектларидаги шароитлар, имкониятлар билан таништириш мақсадида 24 йиллик тажрибага эга, ҳозирги кунда 100 нафардан ортиқ хотин-қиз ва ёшни иш билан таъминлаган, 50 нафардан ортиқ ёшнинг ўз бизнесини бошлашга кўмаклашган “ALPAMIS STOMADENT” бренди остида фаолият юритаётган лидер тадбиркор Муҳаббат Жолшимованинг корхонасига “Бизнес саёҳат” уюштирилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.