Ишғол қилинган ҳудудларда азият чекаётган оддий ва бегуноҳ одамларга ёрдам қўлини чўзаётган идоранинг фаолиятига қаршилик кўрсатилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг UNRWA номли Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларни қўллаб-қувватлайдиган агентлиги ва Исроил ўртасидаги муносабат расман тўхтатилди. Телевидение орқали расман маълум қилинган ушбу қарорни мамлакатнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрдан тасдиқлади. У шунингдек, Исроил инсонпарварлик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишда давом этиши, лекин “терроризмни қўллаб-қувватлаётган” идоралар билан бирга ишламаслигини даъво қилди. Шу билан бирга Германиянинг Жаҳон озиқ-овқат дастури директори Мартин Фрик мамлакат оммавий ахборот воситаларига Ғазода UNRWA ўрнини боса оладиган ташкилот йўқлиги ва бошқа идоралар Фаластиннинг қамал қилинган ҳудудида бошпана, мактаб ва тиббий клиникани бошқариш каби улкан масъулиятли ишни бажара олмаслигини билдирган.

Унинг қўшимча қилишича, UNRWA Ғазога инсонпарварлик ёрдами кўрсатади, хусусан ғайри инсоний шароитда азият чекаётганларни озиқ-овқат, бошпана ва тиббий муассаса билан таъминлайди. Фрик Ғазодаги гуманитар инқироз оғир ва тушуниб бўлмас даражада эканини таъкидлаб, мазкур ташкилот операциясини тўхтатиш омон қолиш учун курашаётган одамларнинг сўнгги умидини ҳам пучга чиқаришидан огоҳлантирди.

Исроил парламенти – Кнессет ўтган ҳафта режимнинг Ғазога босимини кучайтириш чораси доирасида UNRWA ишғол қилинган ҳудудларда фаолият юритишини тақиқловчи қонун қабул қилди ва у келгуси 90 кун ичида кучга кириши кутиляпти.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилни UNRWA гуманитар миссиясига халақит берадиган ҳар қандай ҳаракатдан тийилиш тўғрисида огоҳ қилинган баёнот билан жавоб берди ва агентликнинг Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, Шарқий ал-Қудс, Иордания, Ливан ва Сурия бўйлаб фаластинлик қочқинларга таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа фавқулодда ёрдам каби муҳим хизматлар тақдим этишдаги ўзгармас ролини таъкидлади.

Мусулмон Зиё, ЎзА