Ёш спортчиларимиз ўзлари танлаган спорт йўналишлари бўйича нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда дзюдо бўйича турли ёш тоифасидаги ҳар қандай мусобақа полвонларимиз иштирокисиз ўтмаяпти. Бунинг мисолини шу кунларда Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилаётган халқаро турнирларда кўришимиз мумкин.

Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида дзюдо бўйича 2007-2009, 2010-2011 йилларда туғилган ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасидаги халқаро мусобақада вакилларимиз 1 та олтин ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.

Ушбу мусобақада барча рақибларини енгган Муслимбек Муҳаммадиев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, Миракбар Абдужабборов, Сардорбек Қаҳҳоров, Анзурбек Абдуаҳадов ва Улуғбек Эшдавлатов учинчи ўринда қайд этилди.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирда ёш дзюдочиларимиз 5 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза жами 8 та медалга сазовор бўлди.

Халқаро турнирда Мақсад Мавлонбердиев, Жасмина Тожалиева, Анжелика Мўминова, Зуҳра Беркинбоева ҳамда Виталий Ли ўз вазн тоифаларида олтин, Фотима Беркинбоева, Абдували Турғунов эса кумуш медаль билан тақдирланди. Мирафзал Мирхолиқов, Рауан Сапаров ва Насиба Рустамова каби ёш полвонларимиз мусобақадан бронза медали билан қайтадиган бўлди.

Ушбу ёш полвонларимиз келгусида ўз маҳорат ва тажрибаларини янада ошириб, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади. Диёра Келдиёрова ҳамда Музаффар Тўрабоев каби Олимпиада медалларини қўлга киритадилар.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА