Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган ташкилотнинг расмий сайти хабар тарқатди.
Хабарда келтирилишича, “Дунё олимпия боксида катта мавқеига эга Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг World Boxing аъзолигига қўшилиши бокснинг Олимпия оиласида қолишига бўлган ишончни мустаҳкамлади”.
Айтиш лозим, худди шунингдек, Гватемала ҳамда Лаоснинг World Boxing аъзолигига қабул қилиниши ташкилот сафидаги миллий бокс федерациялар сонини 55 тага етишига олиб келди.
Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ЎзА мухбирига билдиришича, мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари Халқаро бокс ассоциацияси тизимидаги мусобақаларда иштирок этишни давом эттираверади. Ўзбекистон бокс федерациясининг World Boxing аъзолигига ўтиши эса бокснинг Олимпия ўйинларидаги ўрнини сақлаб қолишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, World Boxing ташкилотининг амалдаги раҳбари нидерландиялик Борис ван дер Ворст бундан бир ой муқаддам, яъни октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкентда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари билан учрашув ўтказганди.
Т.Рўзиев, ЎзА