Халқаро шахмат федерацияси октябрь ойи якунига кўра, ФИДЕ’нинг янгиланган рейтингини эълон қилди.
Ўтган ой давомида бир қатор нуфузли халқаро турнирлар, клублар ўртасидаги Европа кубоги, АҚШ чемпионати ўтказилдики, шахматчиларнинг ўсиш динамикаси айнан ушбу мусобақаларда жамғарган балларида акс этди.
Янгиланган ФИДЕ рейтингида Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров клублар ўртасидаги Европа кубогида яхши кўрсаткичга эришган ҳолда юзлик рўйхатнинг 46 ва 48-поғоналарига кўтарилди. Ўтган ойда Нодирбек Ёқуббоев +14, Жавоҳир Синдоров +7 балл тўплагани ФИДЕ мутахассислари томонидан эътироф этилди.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов октябрь ойи рейтингида 6-ўринда, Рустам Қосимжонов 44-ўринда қайд этилди.
ФИДЕ’нинг ёш шахматчилар рейтингида Абдусатторов ТОП-100ликнинг 2-қаторида, Жавоҳир Синдоров 5, Муҳиддин Мадаминов 58, Муҳаммадзоҳид Суяров 98-қаторда келтириб ўтилди.
Ёш шахматчи қизлар ТОП-100 рейтингида эса ҳамюртларимиздан Афрўза Ҳамдамова 14, Умида Омонова 82-ўриндан жой эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА