Пентагон раҳбари Ллойд Остин айтишича, Қўшма Штатлар Корея ярим оролида ўз кучлари жойлашуви кўламини кенгайтирмоқчи.
– Ўзаро тезкор мувофиқлик ҳамда тийиб туриш сиёсатини кучайтиришга келишиб олдик, – деди у Жанубий Корея билан “2+2” форматида бўлиб ўтган музокара якуни бўйича уюштирилган матбуот анжуманида. – Мамлакатларимиз маслаҳатлашув орқали ядровий ва стратегик режалаштириш саъй-ҳаракатини чуқурлаштиради. Корея ярим оролида АҚШ стратегик кучлари мунтазам жойлашуви бўйича амалиёт ривожлантирилади.
Шунингдек, Пентагон раҳбари АҚШ Жанубий Кореяни ядро қуроли билан ҳимоя қилишга тайёрлигини ҳам маълум қилди.
– Қўшма Штатлар Корея Республикасини мудофаа қилишга тўлиқ содиқ ва бизнинг кенгайтирилган ваъдамиз ўзгаришсиз қолмоқда, – дея қўшимча қилди Остин. – Бу ҳарбий захира анъанавий ракетага қарши мудофаа тизими, ядровий ва бошқа турдаги илғор қуроллар билан тўлдирилиши орқали қўллаб-қувватланишини назарда тутади.
Мулозим таъкидалашича, Вашингтон Сеул билан бирга ҳарбий машғулотни ҳам давом эттириш ниятида.
Апрель ойида бу икки давлат қабул қилган Вашингтон декларациясида, КХДР томонидан ядровий ҳужум содир бўлган тақдирда, Сеул АҚШдан “иттифоқчиликнинг тўлиқ қуввати” кўринишида, жумладан, атом қуролидан зудлик билан фойдаланиш орқали ёрдам олишига келишилган.