Хитой ҳукумати ва Толибон расмийлари икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри юк поезди қатнови қайта тикланганини эълон қилди. Бу ҳақда “Kabul Now” нашри ёзди.

Шу муносабат билан кеча бўлиб ўтган маросимда Толибоннинг Хитойдаги элчиси Билол Каримий, Хитойнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Юй Хиаоёнг, шунингдек Нантонг расмийлари, жумладан шаҳар мэри, транспорт ва ташқи алоқалар идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Каримий Толибон қўшни давлатлар билан иқтисодий шерикликка устувор аҳамият беришини таъкидлаб, бу лойиҳа Кобул ва Пекин муносабатини яхшилашга катта ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

– Биз Нантонг темир йўли орқали Хитойни кенг дунёга чиқиш эшиги сифатида кўрарканмиз, “Ваҳон” йўлаги ўзаро самарали ва тежамкор боғ мисоли хизмат қилиши мумкинлигига ишонамиз, – деди у.

Помирнинг Бадахшондаги қисмида жойлашган “Ваҳон” ҳудуди Афғонистонни шимоли-шарқдан Хитой, Тожикистон ва Покистон билан боғлайди. Фақат шу йўлак орқалигина Шинжон, хусусан Қашқарга тўғридан-тўғри йўл олиш имкони бор.

Юи Хиаоёнг айтишича, кеча Цзянцу провинциясидаги Нантонг шаҳридан Афғонистонга 55 та катта вагон тиркалган поезд “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида йўлга тушган.

Толибоннинг Пекиндаги элчихонаси таркибда электр жиҳозлари, кийим-кечак ва бошқа турли маҳсулотлар ортилган контейнерлар олиб кетилаётганини тасдиқлади. Юк Ҳайратон портига тахминан 20 кунда етиб бориши кутиляпти.

Дарвоқе, 2016 йил очилган, Афғонистонни Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитой билан боғлаган темир йўл тўғридан-тўғри савдо чизиғи яратиб, давлатлар аро юк ташишни сезиларли даражада осонлаштиради.

Ўткир Мирзо, ЎзА