Нуронийларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, дуосини олиш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми саналади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини янада яхшилаш, кекса авлоднинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини ўрганиш, тизимли таҳлил қилиш ва уларни ҳал этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ушбу масалалар доирасида амалий ва фундаментал лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан “Кексаларда жисмоний маданиятни ошириш, тўғри овқатланишнинг асосий тамойиллари орқали оилада соғлом муҳит яратиш” мавзусидаги лойиҳага старт берилди.

Лойиҳанинг мақсади ёши катта аҳоли орасида кўнгиллилар (волонтёрлик) ҳаракатини йўлга қўйиш орқали соғлом турмуш тарзини ривожлантиришдан иборат.

Бу орқали ҳудудларда жами 120 нафар кўнгиллидан иборат жамоани ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти давомийлигини таъминлаш назарда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой тумани, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри, Тошкент шаҳрининг Миробод ва Шайхонтоҳур туманларидаги 6 та маҳалла танлаб олинди.

Лойиҳа доирасида дастлаб кўнгиллиларни ўқитиш, керакли малакаларни шакллантиришга қаратилган 2 кунлик тренинглар режалаштирилган.

Лойиҳанинг дастлабки манзили сифатида Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидаги Обод макон ва Бердақ маҳаллалари танлаб олиниб, машғулотлар ўтказилди. Унга саломатлигини яхшилашга, жисмоний маданиятини оширишга қизиқиши бор, лидерлик қобилиятига эга, нотиқлик маҳорати шаклланган 60 ёшдан 75 ёшгача бўлган эркаклар ва 55 ёшдан 70 ёшгача бўлган аёллар жалб этилди.

Лойиҳа аъзолари ўқитилган кўнгиллиларни 40 кун давомида тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишлари, жисмоний машқларни ўз вақтида бажаришлари ҳамда шу каби бир қанча мезонларни эътиборга олган ҳолда кузатиб боришлари режалаштирилган.

Ҳозирда лойиҳа кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Н.Усмонова,  

ЎзА