2025−2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида қайд этилишича, 2025 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда таркибида шакар бўлган барча алкоголсиз ичимликларга акциз солиғи жорий этилиши таклиф этилмоқда.
Газсиз ширин чойлар, мева шарбатлари, саноат усулида ишлаб чиқарилган компотлар ва таркибида шакар бўлган бошқа газсиз ширин ичимликлар (морслар, лимонадлар, кваслар) учун литрига 500 сўм акциз солиғини жорий этиш режалаштирилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2023 йилги “Таркибида шакар ва ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликларни солиққа тортиш юзасидан халқаро ҳисобот”ида шакар ва ширинлаштирувчи қўшилган барча ичимликларга акциз солиғини жорий этиш тавсия этилади.
Бунда мева ва сабзавотлардан тайёрланган, табиий ширин (таркибида фруктоза, глюкоза) бўлган ва қўшимча шакар қўшилмаган шарбатлар учун акциз солиғи қўлланилмайди. Хорватия, Малайзия, Мексика, Нидерландия, Саудия Арабистони, Туркия, БАА мамлакатларида ширинлаштирувчи (шакар) моддалар қўшилган шарбатларга акциз солиғи жорий этилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда литрида ўртача 90 грамм шакар бўлган 6 бренд остидаги 18 турдаги шарбатлар, шунингдек, 1 литрида ўртача 73 г шакар бўлган 4 турдаги яхна чой ишлаб чиқарилмоқда. 1 апрелдан бошлаб таркибида ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган газланган ва газсиз ичимликлар учун акциз солиғини 1 литри учун амалдаги 500 сўмдан 300 сўмгача камайтириш таклиф этилмоқда. Гап шакар ўрнига унинг ўрнини босувчи моддалар ишлатиб тайёрланган диетик газли ичимликлар ҳақида кетмоқда.
Солиқ ставкасини пасайтириш 1 литр ичимликнинг чакана нархида акциз солиғи улушини 5 фоиздан 3 фоизга камайтириши кутилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан жорий қилинган энергетик ва тетиклантирувчи ичимликларга акциз солиғи 1 литр учун 2000 сўм миқдорида қолади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА