Пойтахтимизда ШҲТга аъзо мамлакатлар халқ дипломатларининг I халқаро конгресси бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, БАА, Россия, Покистон, Тожикистон ва Туркиядан ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Олий Мажлис депутатлари, вазирлик ва идоралар ходимлари, Тошкентдаги дипломатик корпус ва миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этди.
Конгрессда халқ дипломатиясининг сўнгги йиллардаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Иштирокчилар ШҲТ доирасида маданиятлараро мулоқот имкониятлари, кўп векторли ҳамкорлик ва маданий дипломатия масалаларини муҳокама қилди.
Тадбир якунида концерт дастури ташкил этилди. Унда республика миллий маданий марказларнинг ижодий жамоалари, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ва «Баркамол авлод» мактаби тарбияланувчилари чиқиш қилди.
Конгресс якунлари бўйича экспертларнинг ШҲТ мамлакатлари ўртасида миллатлараро тотувлик, ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялари қабул қилинди. Иштирокчилар тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА