Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ташаббуси билан “Инсонпарварлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Қирол Салмон гуманитар ёрдам маркази, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) ва Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги (UNHCR) кўмагида Соҳил ва Чад кўли ҳавзасидаги кўчирилганлар ва қочқинларни қўллаб-қувватлаш бўйича Донорлар конференцияси доирасида бўлиб ўтган тадбирда қатор ахборот агентликлари раҳбарлари, халқаро гуманитар ишлар бўйича экспертлар иштирок этди.

Йиғилиш аввалида иттифоқ бош директори Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий ОАВ инсонпарварлик инқирозини енгишдаги асосий воситалардан бири экани, гуманитар ёрдам ходимлари шу кучдан фойдаланиб, самарали тарғибот олиб бориши, вазиятни назорат қилиши, жамоатчиликни эзгу ҳаракатни қўллаб-қувватлашга ундаши лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга ҳамкасбларимиз фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳам мавжудлигига тўхталди.

Инсонпарварлик йўналишида фаолият юритувчи муассасалар ҳамкорлигини кучайтириш, гуманитар ташкилотлар саъй-ҳаракати ва ташаббусларини ёритишни мувофиқлаштириш учун тўғридан-тўғри алоқа йўлларини очишга чақирди.

Давра суҳбати якунида қатор тавсиялар берилди. Жумладан, ахборот агентликлари ва умуман оммавий ахборот воситалари ўртасида гуманитар янгиликлар мазмуни бўйича ахборот алмашишни рағбатлантириш, ҳамкорлик воситаларини мувофиқлаштириш, халқаро ёрдам институтлари фаолиятини рағбатлантириш, жамиятнинг умумий ривожига хизмат қилиш учун ОАВда “тараққиёт учун мулоқот” концепциясини чуқурлаштириш зарурлиги маъқулланди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА