Маълумки, Япония олий таълим бўйича юксак натижаларга эришган дунёдаги етакчи давлатлардан бири саналади. Шу боис кун чиқар юрт билан ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва талабалар алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Япония давлат университетлари ассоциацияси президенти, Сукуба университети раҳбари Нагата Кёсуке бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи ҳам мавжуд шерикликнинг узвий давомидир.

Бугун меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов билан учрашув ўтказди.
Самимий руҳда кечган мулоқотда қўшма олий таълим муассасаси ташкил этиш истиқболи муҳокама қилинди.

Томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни юқори баҳолади. Шу билан бирга биргаликдаги ишларни янада ривожлантириш йўллари кўриб чиқилди.

Якунда Ўзбекистон таълим тизими ривожига ҳисса қўшадиган янги халқаро университет ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Лойиҳа учун зарур техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА