Айни пайтда мамлакатимиздаги сайлов жараёнларини Россиянинг «Независимая газета»си МДҲ сиёсати бўлими шарҳловчиси Виктория Панфилова ҳам ёритиб бормоқда.

Виктория Панфилованинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ушбу сиёсий воқеа ҳар бир оммавий ахборот воситалари вакилларини  тезкор ва ўзига хос ёндашувда ижод қилишига ундамоқда.

– Виктория, Ўзбекистондаги сайловлар ҳақида қандай фикрдасиз?  

– Бу сайловлар мамлакатдаги демократияни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Бу галги сайлов “Менинг танловим –  обод Ватаним” шиори остида ўтмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, соат 14:00га келиб 50 фоиздан ортиқ фуқаролар овоз берди. Натижалар эса 28 октябрда эълон қилинади.

– Жорий сайловда қандай янгиликлар мавжуд?  

– Бу йил барча жараён “E-Saylov” тизими орқали рақамлаштирилди. Бу очиқликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, партия етакчилари ўз дастурларини дебатлар орқали намойиш қилди. Мазкур янгилик сайловчиларга холисона қарор қабул қилиш имкониятини берганини таъкидламоқчиман.

– Сайлов натижалари мамлакат учун қандай аҳамиятга эга?  

– Янги қонунга асосан мажоритар ва пропорционал тизимлар уйғунлаштирилди. Бу сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ўрнини кучайтиришга қаратилган. Ушбу жараён Ўзбекистоннинг халқаро стандартларга мослашишга қадам ташлаётганини кўрсатади.

Ўзбекистондаги сайловлар конституциявий ислоҳотларнинг якунланишини англатади, аммо мамлакатнинг келгуси ривожланиш йўли узоқ муддатли ва чуқур ўзгаришларни талаб қилади.

Насиба Зиёдуллаева,  

Рустам Назарматов (сурат),  

ЎзА