Канаданинг Галифакс шаҳрида фигурали учиш бўйича Гран-при сериясининг иккинчи босқич мусобақалари якунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кумуш медалга сазовор бўлди.
Эркин дастур беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Екатерина Гейниш ва Дмитрий Чигирев жуфтлиги 126.12 балл жамғаришга муваффақ бўлган ҳолда 124,10 балл олган жаҳон чемпионлари Динна Стеллато-Дудек ва Максим Дешамни ортда қолдирди.
Мусобақанинг икки кунлик баҳслари сарҳисобига кўра, Динна Стеллато-Дудек ва Максим Дешам 197,33 балл билан олтин медални қўлга киритди.
Маҳоратли спортчиларимиз олти босқичдан иборат Гран-при мусобақасининг иккинчи даврасида умумий ҳисобда 189.65 балл жамғариб, кумуш медалли бўлган бўлса, бронза медали 186,14 балл тўплаган Австралия шарафини ҳимоя қилаётган Анастасия Голубева ва Хектор Гиотопулос Мурга насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, фигурали учиш бўйича Гран-при мусобақаларининг кейинги босқичлари АҚШ, Франция, Хитой, Финляндия, Япония мамлакатларида ташкил этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА