Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Нукус туманидаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари марказда амалга оширилаётган ишлар, даволашдаги сўнгги янгиликлар ҳамда яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди ҳамда даволанаётган беморлар билан суҳбатлашишди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази 1998 йилдан фаолият олиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 25 мартдаги  “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ марказда мавжуд 50 ўринлик бино ва иншоотни мукаммал таъмирлаш ҳамда қўшимча 50 ўринлик ётоқ биносини қуриш ишлари амалга оширилди. Мазкур бинода “Темир бетон” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан 8 миллиард 980 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 1 миллиард  80 миллион сўмлик 967 номдаги замонавий қаттиқ ва юмшоқ мебель, тиббиёт буюмлари ва асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Марказда бугунги куни терапия, неврология, травматология ва жарроҳлик амалиёти бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Асосан суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқима орттирилган деформациялари касалликлари, жароҳатларнинг ривожланиши, асаб, юрак-қон томир, қон ва қон ишлаб чиқариш аъзолари, эндокрин тизими касалликлари бор беморлар даволанади. Улар ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури ҳамда  тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК)  берилган ордер асосида қабул қилинади.

130 ўринлик марказда 10 койка 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга мўлжалланган бўлиб, 30 койка пуллик даволанувчи фуқароларга хизмат кўрсатмоқда. Бугунги кунда марказ 114 номдаги 143 та замонавий функционал диагностика, даволаш жиҳозлари ва асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида марказда 1 минг 85  нафар ногиронлиги бўлган шахс даволанган бўлса, 1 минг 397 нафар беморга пуллик хизмат кўрсатилди. Беморларга аниқ ва тўғри ташхис қўйиш учун лаборатория рентген, УЗИ, ЭКГ функционал текширув амалга оширилади.

– Муассасамизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтганидан сўнг фаолиятимизда сезиларли ўзгаришлар бўлди, – дейди марказ директори, тиббиёт фанлари доктори Гулмирза Юлдашов. – Қисқа вақтда муассасадаги мавжуд шарт-шароитларни янада яхшилаш, қўшимча бино қуриш, мукаммал таъмирлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни яхшилаш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда АҚШ, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия каби давлатларда ишлаб чиқарилган, нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ягона замонавий тиббий ускуналар олиб келиниши беморларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини янада оширмоқда.

– Жорий йилнинг июль ойида 2008 йили туғилган ўғлим белига экскаваторнинг ковуши тушиб кетиб бел соҳаси жароҳати билан оғир аҳволда олиб келинган эди, – дейди Бўзатов туманида истиқомат қилувчи 1 -гуруҳ ногирони Саламат Таласовнинг онаси Лола Бегжанова. – Шифокорларга раҳмат ўғлимни яхши даволаб, бугунги куни аста-секин юрмоқда. Марказда барча шарт-шароитлар яратилган. Ўғлимни шу даражага олиб келган марказ шифокорларига, ҳамшираларга, барча ходимлардан миннатдорман.

Инсультдан кейинги ҳолатда бўлган баъзи беморлар реабилитация тадбирларини ўтаб бўлгандан кейин ўзларида ижобий ўзгаришлар сезаётганлиги, уларга “Транскраниал магнит стимулятор” аппарати самарали фойда бераётганлигини таъкидлашди. Шунинг учун ҳам марказга нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки қўшни вилоятлардан ҳам беморлар келмоқда. Уларга 23 нафар шифокор, 35 нафар ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда.

Марказда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатга бўлган қизиқиши тест орқали аниқланиб, уларга касблар бўйича маълумотлар бериб борилади ва соғлигига зарар етмайдиган иш тавсия қилинади. Бу ердаги адаптация хонаси уларни уй шароитига мослаштирилиб, уй-рўзғор буюмларидан фойдаланиш кўникмаларини ҳам қайта шакллантиради.

Пресс-тур иштирокчилари марказда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА.