Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказувчи Хўжайли туманидаги сайлов участкаларига пресс-тур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси марказий сайлов комиссияси ва Матбуот маркази фаолияти билан танишди. Тадбир иштирокчиларига сайловни ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази аъзолари билан биргаликда Хўжайли туманидаги 515-сайлов участкасига ташриф буюриб, сиёсий жараёнга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари тумандаги 512-сайлов участкасида бўлиб, 27 октябрь куни участкага келиб овоз бериш имкониятига эга бўлмаган, имконияти чекланган ёки кексалар учун яратилган шароитлар ҳақида ҳам маълумот олди.

Қайд этилганидек, айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра участка сайлов комиссияси овоз беришни шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланган ҳолда ташкил этади.

Маълумот учун, Хўжайли тумани бўйича айни пайтда 36 та участка сайлов комиссияси тузилган бўлиб, умумий сайловчилар сони 77 минг нафардан зиёдни ташкил этади.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.