Мамлакатимизда бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари қизғин. “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида аҳолининг сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Барча даражадаги сайлов комиссиялари, сайлов участкалари, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар муҳим сиёсий тадбирни миллий қонунчилигимиз ва халқаро талабларга мос тарзда ўтказиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясида ҳам сайловга тайёргарлик кўриш ишлари жадал кетмоқда. Мазкур сайлов комиссияси вакилларининг тақдим этган маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг 12 та туманида жами 50 та округ ҳамда 861 та сайлов участкаси тузилган. Ҳар бир сайлов участкасида ўртача 3 000 нафаргача сайловчи мавжуд. Сайловга саноқли кунлар қолган айни пайтда барча сайлов участкалари зарур жиҳозлар, воситалар билан таъминланиб, сайловга шай ҳолатга келтирилган.

Сайлов жараёнларини муносиб тарзда ўтказишни ташкил этиш мақсадида шу кунга қадар участка сайлов комиссияларининг раис, раис ўринбосари ва котиблари учун босқичма-босқич интерактив усулларда уч кунлик ўқув-семинарлари юқори савияда ташкил этилди. Мазкур ўқувларда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сиёсий билим ва тажрибалари бойитилди, янгича тизим асосида бўлиб ўтадиган сайлов жараёни ҳақида уларга янада кенг тушунчалар берилди.

Бу йилги сайловнинг муҳим янгиликларидан яна бири сайлов участкаcида электрон овоз бериш йўлга қўйилаётганидир. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, сайловда замонавий технологиялардан фойдаланиш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида синов тариқасида Тошкент шаҳрида 10 та сайлов участкаcида электрон овоз бериш амалга оширилади. Бунинг учун пойтахтимиздаги 10 та сайлов участкаcида электрон овоз бериш ускуналари ўрнатилган. Шунингдек, сайловчиларга қай тартибда электрон овоз бериш мумкинлиги тушунтирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга ҳозирлик кўриш борасидаги саъй-ҳаракатлар календарь режага асосан босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА