Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиб, яшиллик миқёсини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Сўнгги йилларда бу кўрсаткич 12 фоизга етди.

Бу йил баҳорда 138 миллион дона кўчат экилди. Йил бошидан буён 10 минг гектардан зиёд “яшил белбоғ”, вазирлик ва ҳокимликлар 257 та боғ барпо қилди. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошди.

Жорий йилдан бошлаб, йўл, дарё ва каналларга туташ 2 минг гектар ер 10 минг аҳоли ва тадбиркорларга экиш учун ижарага берилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида бюджетдан 49 миллиард сўм ажратилиб, маҳаллаларда 215 та янги боғ яратилаяпти.

Бу саъй-ҳаракатлар Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижро органи ҳам эътироф этмоқда.

Лекин айрим жойларда шундай хайрли ишда сусткашликка йўл қўйилгани афсуснарли. Баъзи туманларда суғориш тизими йўқ ерга кўчат ўтқазилган ёки кесилган дарахтлар ўрнига экилмаган.

Йиғилишда ҳозирги мавсум ва келгуси йилга мўлжалланган вазифалар белгилаб олинди.

Аввало, юртимизнинг иқлимга мос кўчатларни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, Фанлар академияси, экология, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, карантин тизимидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий ўқув юртлари, ин-витро лабораториялари билан самарали ишланса, уруғ ва кўчат етиштиришдан 2-3 баробар кўп даромад топса бўлади. Илм ҳам ривожланади.

Нукус, Арнасой, Қоракўл ва Муборак туманларида кейинги йил сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимлигидан иборат 4 та боғ барпо қилинади. Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмни 250 минг гектар чўлида сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дрон билан экилади.

Баҳор мавсумидан ўрмон хўжаликларидан соғлом оналик плантациясини танлаш орқали йилига 1,5 минг тонна уруғ тайёрланади. Жанубий Корея тажрибаси бўйича сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро усулида 2 миллион кўчат олиш йўлга қўйилади. Маҳмуд Мирзаев номидаги институтнинг Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Фарғона водийсидаги ерларида йилига 10 миллион дона мевали ниҳоллар етиштирилади.

Кўчат экиш ишларини ҳам уюшқоқлик билан ташкил этиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.

Бунда катта куч маҳаллаларда. Яшиллик, ободлик ҳам, аввало, одамларнинг ўзига керак. Шу боис “маҳалла еттилиги” вакиллари ўзига бириктирилган кўчаларда 100 тупдан жами 6 миллион дона манзарали дарахт ўстиради. Шунингдек, бошқа кўчалар, бўш майдонлар ва кўп қаватли уйлар атрофида 3 миллион туп кўчат экилади. Умуман, маҳаллаларда 20 миллион дона манзарали ва мевали дарахт экса бўлади.

Ўрмон хўжалиги агентлигига барча маҳаллаларда ярмарка ташкил қилиб, 30 миллионта кўчат етказиб бериш вазифаси қўйилди. 20 мингдан зиёд таълим масканлари ва шифохоналар ҳудудида 2,5 миллионта, ёшларга бўлиб берилган 60 минг гектар ерда 1,5 миллионта дарахт экиш мумкинлиги айтилди.

Ҳокимликлар ва вазирликлар томонидан кузда 40 миллион туп кўчат экилиши режалаштирилган.

Хусусан, 13 та халқаро автомобиль йўли бўйида 9 миллион туп кўчат эктиради. Яна 2 минг километр йўллар ёқаси шу мақсадда 10 минг фуқаро ва тадбиркорларга бўлиб берилади. Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Қарши темир йўли бўйлари ҳам кўчат ўтқазилади. Дала четларида 21 миллион туп терак, тут ва узум етиштирилади.

Мудофаа вазирлиги 200 минг туп, ички ишлар, миллий гвардия ва фавқулодда вазиятлар тизимларининг ҳар бири 100 минг тупдан кўчат экишга масъул бўлади. Чиқинди полигонлари атрофида “яшил белбоғ” барпо этилади.

Қайд этилганидек, кейинги йилда “Яшил макон” лойиҳаси учун 100 миллиард сўм ажратилади. Эндиликда дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилади.

Суғориш бўйича икки хил тажриба амалга оширилади. Хусусан, 27 та туманда биттадан қудуқ қазишга рухсат берилади. Баҳорда 14 та туманнинг тоғ ва адир қияликларида қават-қават қилиб, 500 гектар дарахт экилади.

Вилоятларда “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича яшил ҳудудлар ва жамоат парклари барпо этиш бўйича топшириқлар берилди. Бу майдонлар экиш мавсумигача “Очиқ бюджет” порталига қўйилиб, дарахт турлари бўйича тавсия ва уларнинг нархи кўрсатилади. Бунда парваришлашда масъулиятсизлик қилган шахсларни мобил илова орқали огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.

Сўнгги вақтларда юртимизда чанг бўронлари тез-тез содир бўлаётгани қайд этилди. Бунга глобал иқлим ўзгариши билан бирга дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, сув камайиши, чорва тартибсиз боқилиши ҳам сабаб бўлмоқда. Чўллардаги ўсимликлар турлари ҳам кескин камайган.

Давлатимиз раҳбари аҳоли кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича энг катта захира яйловлар эканини таъкидлади.

Шу боис 16 миллион гектар яйлов ерларини бошқариш Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилиши белгиланди. Қўмитага чўлларни деградациядан чиқариш бўйича уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Келгуси йилда бу мақсадлар учун дастлаб 50 миллион доллар грант маблағлари жалб қилинади.

Соҳага тааллуқли яна бир муаммо – чўл ўсимликлари қопламаси йўқолиб кетаётганидир. Шу сабабли мутасаддиларга Бухоро ва Навоий вилоятларининг чўл ва ярим чўл ҳудудларида яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берилди.

“Ўзбеккосмос” агентлиги билан биргаликда чўлларда экологик ҳолатни мониторинг қилиш платформаси яратилади. Ўрмон хўжалиги агентлигининг бу йўналишдаги масъулияти оширилади. Эндиликда у чўлланишга қарши курашиш билан ҳам шуғулланади, ҳокимликлар қошидаги “Йўл кўкалам” ташкилотлари агентлик тизимига ўтади.

Агентликка Фанлар академияси билан биргаликда 20 гектарда тажриба-синов майдончаси қилиб, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклайдиган ўсимликларни етиштириш вазифаси қўйилди.

Президентимиз жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. Аҳолини жимоний соғломлаштириш, спорт, юриш ва тўғри овқатланиш бўйича янги-янги ёндашувларни жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларнинг ахборот ва режалари эшитилди.