Пойтахтимизда “Озарбайжон – Ўзбекистон: Ипак йўли ёшлар иқлим форуми” бўлиб ўтди.
Форумда иккала давлатдан 200 нафарга яқин ёш, экспертлар ва махсус вакиллар иштирок этди.
Унда ёшларнинг экологик маданиятини шакллантириш ва иқлим ўзгаришларига оид бир қанча муҳим мавзулар юзасидан муҳокамалар олиб борилди. Иқлим ўзгаришига мослашиш ва иқлим ўзгаришининг замонавий таҳдидлари каби мавзулар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 236 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Охирги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ошди. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми яна 20 фоизга ошганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, Озарбайжон билан фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш, жумладан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш масалалари ҳам режалаштирилмоқда.
Гулноза Бобоева, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА