ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши
Ушбу ҳафтадаги Исроил ҳужумларининг энг катта қурбони ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар бўлди. У мақсадли операция оқибатида эмас, тасодифий ҳужум билан вафот этган. Исроил томони 62 ёшли Синварнинг сўнгги дамлари акс этган видеони эълон қилди.
Исроил Мудофаа кучлари ўтган йилнинг 7 октябр куни бошланган ҳужум уюштирувчиси деб билади.
Исроил расмийларига кўра, йил давомида разведка идоралари томонидан овланган ҲАМАС етакчиси гуруҳнинг ер ости йўли тизимидан хавфсизроқ жойга ўтишга уринган пайти нишонга олинган. Марҳум турган жойни Тал Ал-Султон ҳудудини тинтув қилаётган пиёда аскарлар топган.
Ҳарбийлар уч нафар мўлжалдаги шахс бинолар орасида ҳаракатланаётганини кўриб, ўт очган. Натижада отишма бошланиб, Яҳё вайрон бўлган бинога қочиб кирган. Шундан сўнг обектга танк снаряди ва ракета отилган.
Исроил ҳарбийлари вакили контр-адмиралнинг айтишича, нишон шунчаки жангчи сифатида мўлжалга олинган.
Ҳарбийлар вайрон бўлган бинога кириб, уни қурол-яроқ, ўқ ўтказмайдиган кийим ва 10 минг доллардан кўпроқ пул билан топган. Синварнинг вафоти ДНК тести, жумладан стоматология ёзуви ва бошқа усулдаги текширув ўтказилгандан сўнг ошкор қилинган.
“The New York Times” газетаси иқтибос келтирган тўрт исроиллик ҳарбий зобитга кўра, Синвар минтақада мунтазам операция ўтказаётган ва кутилмаганда унга тўқнаш келиб қолган стажёр отряд раҳбарлари томонидан ўлдирилган. Пентагон АҚШ қўшинларининг қотилликка алоқаси йўқлигини билдирди.
Марҳум ҳаётининг сўнгги ойларида Исроил разведкасига ўзини кузатиш имконини берувчи телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланишни тўхтатган эди. Унинг сўнгги йигирма йил ичида ХАМАС Ғазо ҳудудида қазган улкан туннеллари тармоғида яширинганига ишонишган. Ваҳоланки, ушбу ер ости йўлларининг кўпи уруш пайти Исроил кучлари томонидан аниқланган.
Воқеадан бир кун ўтиб Холид Машал гуруҳ раҳбари сифатида таништирилган. У музокаралар ва маҳбуслар масалаларида иштирок этаётган барча томонлар билан музокара олиб боради.
ҲАМАС Синварнинг ўлдирилиши ортидан асирларни алмашиш ва урушни тўхтатиш бўйича музокаралар тобора қийинлашиб боришини таъкидлаган.
АҚШ Президенти Жо Байден Синварнинг ўлдирилишини изоҳларкан, “бу урушни тугатиш вақти келди”, – дея таъкидлади журналистлар билан суҳбатда.
Нетаняҳуни телефон орқали табриклаган Жо Байден Яҳё Синварнинг ўлими “Исроил, АҚШ ва дунё учун яхши кун”лигини айтиб, ҳолатни Ал-Қоида етакчиси Усама бин Лодин ўлдирилгандан кейин Қўшма Штатларда бошдан кечирилган туйғулар билан қиёслади.
– Урушни тугатиш ва гаровга олинганларни уйларига қайтариш вақти келди, – деган у. – Биз бунга тайёрмиз. Ғазода сулҳга эришиш учун қадам ташлаш керак.
Байден АҚШ Давлат котиби Исроилга ташриф буюришини ҳам ошкор қилди. Унинг сўзларига кўра, бир неча кундан кейин Энтони Блинкен яҳудий давлатида ҳамкасблари билан мавжуд вазиятни муҳокама қилади.
Шунингдек, вице-президент Камала Ҳаррис, Франция етакчиси Эмманюэль Макрон, Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажани ушбу вазият тинчликни таъминлаш учун имконият эканини айтган бўлса-да Бинямин Нетаняҳу уруш Синварнинг ўлими билан тугамаслигини эълон қилган.
«Агар ҲАМАС қуролларини ташлаб, гаровга олинганларни қайтариб берса, бу уруш тугаши мумкин», – деган Нетаняҳу.
Эрон Яҳё Синвар ўлдирилиши “қаршилик руҳи”ни кучайтиришига ишонади, Ҳизбуллоҳ ҳам урушни “эскалация босқичи”га ўтказишни ваъда берди.
Исроил матбуотига кўра, 19 октябр куни эрталаб Ливан ҳудудидан Исроилга учирилган учта дрондан бири Нетаняҳунинг Кейсариядаги шахсий уйини нишонга олган. Ўша вақтда Нетаняҳу қароргоҳда бўлмаган, шунингдек, бошқаларга зарар етмагани айтилмоқда.
Мамлакат аскарларининг айтишича, дрон кириб келганида ҳаво мудофааси тизими уни тўхтата олмаган ва видеода дрон ҳарбий вертолёт яқинидан учиб ўтгани кўринади. Ливан телеканалларига кўра, учирилган учта дрондан иккитаси тутиб олингани биттаси эса Кейсаридаги бинога катта талофат етказган.
Бундан ташқари Исроилнинг Ливанга ҳужумлари давом этмоқда ва Эронга жавоб зарбасини беришга тайёргарлик кўраётгани ҳам маълум.
Брюсселда Украина масаласи
Ушбу ҳафта Брюсселда Украина Президенти Владимир Зеленский иштирокида ЕИ саммити бўлиб ўтди. Европа Иттифоқи етакчилари Украинани тузилмага аъзолик қилиш йўлида ва ислоҳот ўтказишда қўллаб-қувватлаш ниятини яна бир бор тасдиқлади.
Саммитда Украина етакчиси тақдим этган “Ғалаба режаси” тингланди. Давлатлар ҳам йил охиригача Киевга G7 томонидан ажратилган 45 миллиард евронинг 35 миллиардини бериш мажбуриятини тасдиқлашган.
Бундан ташқари Украинанинг энергия хавфсизлигини яхшилаш ва ЕИ билан интеграциялашувини кучайтириш бўйича қарор қабул қилинди.
Етакчилар Россиянинг Украина порт инфратузилмаси, хусусан тижорат кемаларига ҳужумини ва “озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланиши”ни қоралади. Халқаро ҳамкорлар билан келишилган ҳолда Украина тикланишини қўллаб-қувватлашга содиқ қолишини билдирди.
Шунингдек, Украинани тиклаш бўйича навбатдаги конференсия 2025 йил июл ойида Италияда бўлиб ўтиши эслатилган.
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп билан суҳбатда Украина НАТОга аъзо бўлиши зарурлигини муҳокама қилган ва Киев ядро қуролидан воз кечганини эслатган.
Бу ҳақда Европа Кенгаши йиғилишидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.
Қўшимча қилинишича, НАТОга аъзо давлатлар бугун уруш ҳолатида эмас, шу сабабли Украина ядро қуролини эмас, НАТОни танлайди. Шунингдек, шериклар “Ғалаба режаси”ни қўллаб-қувватламаса, бу хато “Россия учун имтиёз бериши” мумкин.
Етакчи сўзларига кўра, Европа Иттифоқи саммитида 18 давлат раҳбари ушбу ҳужжат ҳақида фикр билдирган ва кўпчилик режани маъқуллаган.
Шунингдек, Украина Шимолий Атлантика тузилмасига таклиф олмасдан ҳам иккинчи тинчлик саммитига тайёргарлик кўришини маълум қилган.
Шу қаторда жанг майдонидаги уруш ва ёқотишлар давом этмоқда. Украина Халқаро денгиз ташкилотига Одесса портларига халқаро кузатув миссиясини юборишни сўраб мурожаат қилди. Шунингдек, Россияни фуқаролик кемалари ва дон омборларига ҳужум қилиб, дунёдаги миллионлаб одамларни очлик хавфи остида қўяётганликда айблади. Ушбу ҳафта Россия кучлар Донецк ва Луганск вилоятларида Украинанинг бир нечта қишлоқларини эгаллаб олган. Ҳафта охирига келиб Рус кучлари Украинанинг жанубидаги Николай вилоятидаги энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиб, тунда 56 та дрон ва битта ракета учирди.
Украина жангчилари пайшанба куни учирилган Россиянинг 136 та учувчисиз учоқларидан 51 тасини уриб туширгани маълум. Мудофаа вазири Рустем Умеровга кўра, яқин келажакда Норвегия Киевга олтита Ф-16 қирувчи самалётларини етказиб бериши керак. Зеленский дипломатик сафарларда ҳаминқадар ҳарбий ёрдам олишга эришаётгани маълум.
Сардорбек Поёнов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.