Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Истанбулда 3+3 форматидаги йиғилишда иштирок этаётган ташқи ишлар вазирларини қабул қилди. Бу ҳақда давлат етакчиси маъмуриятига таяниб «Анадолу» маълум қилди.

Мулоқотда Озарбайжондан Жейхун Байрамов, Арманистон вакили Арарат Мирзоян, Эрон ташқи сиёсат идораси раҳбари Аббос Арақчий ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этди.

Учрашувда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Жанубий Кавказда барқарор тинчлик жараёнини таъминлаш, минтақавий ва глобал муаммолар муҳокама қилинди.

Мезбон Президент Туркия Озарбайжон ва Арманистон ўртасида доимий тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, минтақадаги воқеалар муносабати билан мамлакатлар ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлигини кучайтириш зарурати пайдо бўлган. Хусусан, 3+3 платформасини институционал тузилмага айлантириш мулоқот механизмини янада самарали тус олишини таъминлайди.

Эрдоған Яқин Шарқдаги вазиятга тўхталаркан, жумладан, шундан деди: Исроил можарони минтақага ёйиш мақсадида иғво уюштирмоқда. Ўт очиш тўхтатилмаган ҳар бир кун минтақавий урушни янада яқинлаштиради. БМТнинг Исроилга қурол эмбаргоси Тель-Авивни тўхтатиш учун самарали қадам бўлади. Туркия барча майдонларда шунга эришиш учун ҳаракат қилишда давом этади.