Юртимизда бўлиб турган Ўмон Султонлиги ишбилармонлари делегацияси иштирокида пойтахтимиздаги халқаро Нордик университетида Ўзбекистон – Ўмон бизнес форуми бўлиб ўтди.
Анжуманда ҳар икки давлат тегишли идоралари,Ўмоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари, шунингдек республикамиз бизнес субъектлари вакиллари иштирок этди. Уларга ўзаро музокаралар ўтказиш, маҳаллий бозор ва инвестиция салоҳияти хусусида маълумот алмашиш учун қулай имконият яратилди.
– Ўқув даргоҳимизда нафақат таълим, балки бизнес муҳитини ҳам шакллантириш,қўшма лойиҳаларда иштирок этиш, қолаверса Масқат университети билан талабалар алмашинуви, бирга илмий тадқиқот олиб бориш юзасидан келишиб олиш имкони яратилди, – деди университет ректори Шерзод Мустафоқулов. – B2B учрашувлар ҳам ташкил этилди. Ўйлайманки, бугунги учрашув натижасида томонлар кўплаб ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлади.
Иштирокчилар хорижий тажриба ва замонавий технологияга асосланган қўшма савдо объектлари яратиш, юқори малакали кадрлар алмашиш каби муҳим йўналишларни ҳам таҳлил этишди.
– Тадбир янги глобал шароитда ҳар икки мамлакат вакилларини аниқ мақсад йўлида бирлаштиришига ишонаман, – деди Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир Ал-Бусаидий. – Ўмонликларнинг бу галги ташрифи доирасида Самарқанд ва Бухородаги олий таълим муассасалари билан ҳам шериклик йўлга қўйиш режалаштирилган. Бизнес форумда туризм, нефть-газ, кимё, энергетика ва электротехника саноати, озиқ овқат, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича сармоявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ўзаро савдони ривожлантириш учун кенг имконият мавжудлигига эътибор қаратилди.
Бизнес-форумда “Al Khonji Group” LLC бошқарув кенгаши раиси, ушбу араб мамлакати Савдо-саноат палатаси собиқ раҳбари Халил Ал-Хонжий, “Arabian Industries” SAOC ижрочи директори, Ўмоннинг қатор вилоятларидаги меҳмонхоналар эгаси Амир Ал-Сулаймоний республикамиздаги тиббиёт муассасалари ва тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан ҳамкорликка қизиқиш билдирди. Шунингдек, юртимизда меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
“General electric & Trading” Co LLC бошқарув кенгаши раиси Муртазо Ҳасан Али ўз бизнес тажрибаси билан ўртоқлашди. У электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни ҳамкорликка чақирди.
Якунда Халқаро Нордик университети ва Масқат университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА