Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев «Hyundai Rotem» компаниясининг «Глобал Rail Group» раҳбари Квак Чол Хун бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар замонавий электропоездларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаси юзасидан фикр алмашган.
Жумладан, Жанубий Кореянинг KORAIL компанияси томонидан бугунги кунда эксплуатация қилинаётган электропоездлар турини «Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи» АЖда маҳаллийлаштириш орқали ишлаб чиқариш таклифи юзасидан тақдимот ўтказилди.
Маҳаллийлаштириш асосида ишлаб чиқариш таклиф қилинаётган электропоездларнинг асосий техник хусусиятлари бўйича маълумотлар тақдим этилган.
Учрашув сўнгида томонлар лойиҳа бўйича қўшимча имкониятларни ўрганиш, таклифларни таҳлил қилиш ва янги ишлаб чиқариш ҳудудларини кўздан кечиришни келишиб олишди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан тегишли шартнома имзолaгани ва қарийб 200 миллион долларга олтита тезюрар поезд сотиб олаётганини маълум қилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА