Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Сандра Саржент бошчилигидаги Жаҳон банки делегацияси билан учрашув ўтказди. Учрашувда IT-таълимни ривожлантириш, мамлакатнинг рақамли инклюзиясини ошириш ва IТ-таълим дастурларини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган “Uzbekistan Digital Inclusion» лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа мамлакатда рақамли инклюзияни кенгайтириш, яъни технологиялар ва рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини аҳоли учун кенгроқ очиб беришга қаратилган.

Лойиҳа доирасида ҳудудлар аҳолисининг IT-технологияларга кириш имкониятларини кенгайтириш, рақамли бўлинишни камайтириш, шунингдек, барча ижтимоий гуруҳлар учун рақамли инфратузилмани ривожлантириш кўзда тутилган.

Бу лойиҳа, аввало, Ўзбекистондаги технологик ўзгаришларни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Мамлакат ҳудудларида интернет ва технологиялар билан тенг таъминланиш даражасини ошириш орқали аҳолининг турли қатламларига рақамли дунёдан фойдаланиш имкониятларини яратади.

Учрашув давомида IT-таълим соҳасидаги ташаббуслар муҳим мавзулардан бири сифатида кўриб чиқилди. Томонлар Ўзбекистоннинг IT-таълим соҳасини кучайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масаласини батафсил муҳокама қилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА