Пойтахтимизда навбатдаги II Халқаро киберхавфсизлик саммити ташкил этилди.

“Киберхавфсизлик саммити – Марказий Евроосиё, CSS 2024” халқаро саммитида 30 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин компания, 120 дан ортиқ делегат иштирок этмоқда.

Мақсад рақамли дунёда киберхавфсизликнинг аҳамияти: ечимлар, таҳдидлар ва ҳамкорлик, муҳим инфратузилма ва бизнес активларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Саммит доирасида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Киберхавфсизлик маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик келишувини Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Саидфаррух Исломов ва Киберхавфсизлик маркази раҳбари Олимжон Мирзаев имзолади.

Келишувга кўра, эндиликда томонлар давлат фуқаролик хизматчиларининг шахсга доир маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан давра суҳбатлари ва ўзаро муҳокамалар ташкил этиб боради.

Шунингдек, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасига доир янги технологиялар ва қурилмаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни синов тариқасида текшириш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.

Қолаверса, давлат фуқаролик хизмати соҳасида жорий этилган ахборот тизимларининг хавфсизлик талабларига мувофиқлиги экспертизадан ўтказиб борилади.

Н.Абдураимова,  

ЎзА