Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ён Хён Корея Халқ Демократик Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий иттифоқ мустаҳкамланаётганидан хавотирда.
– Шимолий Корея аскарларини Россия қўшини таркибида Украина билан жанг қилиш учун жўнатмоқда, – дейди Сеул мулозими. – Россия ва Шимол ҳарбий иттифоқчи сифатида битим тузгани сабабли, бундай бўлиш эҳтимоли юқори. Пхеньян жуда кўп аскарини фронтга жойлаштириши мумкин.
Маълумки, РФ ва КХДР кейинги пайт ўзаро алоқани чуқурлаштирган. Президент Владимир Путин июнь ойида 25 йил ичида биринчи марта ушбу давлатга борди ва икки давлат ўртасида мудофаа тўғрисида шартнома имзоланди.
Совуқ уруш давридан бери энг кучли шериклик белгиси сифатида намоён бўлган пакт, агар томонлардан бири ҳужумга учраса, Москва ва Пхеньян ўзаро ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
Бу икки давлат раҳбарлари дўстлик рамзи сифатида бир-бирига тез-тез совға-салом йўллаб туради. Жумладан, ёздаги учрашувда Россия раҳбари ҳамкасбига бобоси Ким Ир Сен портретини совға қилди. Бунга жавобан, ўз портрети ҳамда соғлиқ тилаклари битилган бюстни қабул қилиб олганди.
Бироз фурсат ўтиб, Путин Ким Чен Инга 24 бош Орлов отларини ҳам жўнатди. Дарвоқе, Шимол етакчиси айнан шу зотни ёқтиради.
Бу воқеалар Ғарбда Шимолий Кореянинг иқтисодий ёрдам ва технология трансфери эвазига Украинадаги уруш учун Москвага ўқ-дори бераётгани ҳақидаги хавотирни кучайтирди.
Корея Республикаси мудофаа тизими бошлиғи, шунингдек, Украина оммавий ахборот воситаларининг Шимолий Корея аскарлари Путинга қарши курашаётган Киев қўшинлари томонидан ўлдирилгани ҳақидаги хабарларини тасдиқлади.
Демак, Россия ҳам, Украина ҳам аскар танқислигига дуч келганда хорижлик жангчилардан фойдаланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА