“Ал-Қоида” террор ташкилотининг собиқ етакчиси, марҳум Усама бин Лодиннинг тўнғич ўғли Умар бин Лодиннинг Францияга кириши тақиқланди. Бу ҳақда “Euro News” ушбу мамлакат ички ишлар вазири Бруно Реталлонинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига таяниб ёзган.

Британия фуқаролигига эга рафиқаси билан кўп йилдан буён Нормандия вилояти Орн туманида яшаб келаётган Умар 2023 йил ижтимоий тармоқда “терроризм ташвиқоти” олиб борган. Натижада губернатор унга мамлакат ҳудудини тарк этишни буюрган.

Реталло қайд этишича, миллий хавфсизлик манфаатини кўзлаб қабул қилинган ва қонунийлиги суд тизими томонидан тасдиқланган ушбу қарор Бин Лодиннинг Францияга киришини ман этади.

У 2016 йилдан бери Орнда яшаб, ўтган йил мамлакатни тарк этган.

Усама бин Лодин 2011 йил АҚШ махсус кучлари томонидан унинг Абботобод вилояти (Покистон)даги уйига уюштирилган рейд чоғи ўлдирилган.