Қатар – Ўзбекистон ҳамкорлиги фаоллашади

437

“QNA” ахборот агентлиги Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Умидбек Сафаров Қатар Палатаси раисининг биринчи ўринбосари Муҳаммад бин Аҳмад бин Товар Ал-Куварий билан учрашганини ёритди.

Мақолада икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқани чуқурлаштириш истиқболи муҳокама қилингани, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маҳсулотларимизни ушбу араб давлати бозорига йўналтиришни диверсификация қилиш масаласи кўриб чиқилгани таъкидланган.

Шунингдек, мулоқот давомида 11-12 ноябрь кунлари Доҳа шаҳрида икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон – Қатар бизнес форумини, B2B форматидаги учрашувларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда тадбирга икки мамлакат етакчи компанияларини жалб этиш масаласи ҳам кўтарилган.

Томонлар мазкур тадбир кўп қиррали шериклик кўламини янада кенгайтиришга кучли туртки бериши, ўзаро муносабатни фаоллаштириши, ишбилармонлар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашда янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА