Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва АҚШ Савдо вазирининг Европа ва Евроосиё минтақалари бўйича ўринбосари Девид Де Фалко ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли иқтисодиёт соҳасида келгусидаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида вазир Ўзбекистон ёшларининг инглиз тилини билиш кўникмалари ошиб бораётгани ва бу АҚШ компаниялари учун кадрлар тайёрлашда муҳим омил эканини қайд этди.
Шунингдек, вазир сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш ва технологик стартаплар учун янги лойиҳаларни ташкил қилиш ташаббусларини илгари сурди.
Девид Де Фалко эса АҚШ компанияларининг рақамли иқтисодиётдаги имкониятларини ошириш учун Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди. У компаниялар учун инновациялар ва хавфсизликни мувозанатли равишда тартибга солиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонни АҚШ компанияларига танитиш, рақамли хизматлар ва рақамли инфратузилмаларни ишлаб чиқишда улар билан биргаликда ишлаш таклифларини билдирди.
Учрашувда томонлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётда янги имкониятлар яратиш мақсадида виртуал давра суҳбатлари ва онлайн тадбирлар ўтказиш таклифини илгари сурди. Бу сессиялар орқали Ўзбекистон ўз рақамли технология ва инфратузилма имкониятларини АҚШ компанияларига тақдим этиши, мамлакатга инвестиция киритишга жалб қилиш имкониятига эга бўлиши айтиб ўтилди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий имкониятларини тарғиб қилиш, IT соҳасидаги АҚШ компаниялари билан ҳамкорлик қилиш, савдо ва технологик ривожланиш бўйича қатор ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА