И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида “Ўзбекистон: саҳродаги авангард” кўргазма лойиҳаси очилди.
Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилган кўргазмада XX асрнинг биринчи ярмида яратилган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон давлат санъат музейи ашёлари ва коллекцияларидан иборат 161 дона рангтасвир ва графика, шунингдек, миллий декоратив-амалий санъат асари намойиш этилмоқда.
Бу Ўзбекистондаги XX аср санъатининг энг муҳим икки музей коллекцияси ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган ушбу даражадаги биринчи лойиҳа бўлиб, унга ташриф буюрувчилар ушбу даврни чуқур тушуниш ва қадрлаш йўлини топадилар. Шунингдек, кўргазма кураторлари томонидан Александр Волков, Николай Карахан, Надежда Кашина, Елена Коровай, Михаил Курзин, Виктор Уфимцев, Ўрол Тансиқбоев, Усто Мўмин (Александр Николаев)нинг асарлари “авангард ориенталис” номи билан аталган. Уларнинг асарларида модернистик рангтасвир техникаси Ўрта Осиё халқ амалий санъати анъаналари ва Ўзбекистоннинг табиий ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Кўргазмага ташриф буюрувчилар биринчи навбатда, Туркистон рассомлари объектив бўлмаган ҳаётга ўтишни биринчилардан бўлган авангард рассомлар – Кандинский, Клюн, Родченко, Попова, Розанова, Экстер асарларини кўриш имконига эга бўладилар.
“Ўзбекистон: саҳродаги авангард” лойиҳаси халқаро жамоатчиликни Игор Савицкий сиймоси ва унинг бадиий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишда қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишиш имконини беради. У Ўрта Осиё рассомлари ижодига мутлақо ўзига хос эътибор қаратган ҳолда авангард асарларнинг энг йирик тўпламларидан бирини йиғиш ва сақлашга муваффақ бўлди. Кўргазмада Савицкий томонидан тўпланган асарлар билан бир қаторда архив фотосуратлари ва мультимедиа инсталляцияси ҳам намойиш этилади.
Кўргазма 2025 йил 15 январга қадар давом этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА.