Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида давом этаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ортда қолган биринчи кунги мусобақалари сарҳисобига кўра, 3 та олтин, 3 та кумуш медаль билан Япония терма жамоаси етакчилик қилмоқда. 1 та олтин медалга эга Хитой терма жамоаси 2-ўрин, 1 та кумуш медаль олган Тожикистон вакиллари 3-ўринда бормоқда.
Биттадан бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон, Италия, Бразилия, Қозоғистон, Франция, Жанубий Корея терма жамоалари кейинги поғоналарни банд этган.
Айтиш лозим, кеча жаҳон чемпионатининг -60 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар баҳсида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Муродил Муродиллаев терма жамоамизга бронза медалини тақдим этган эди.
Бугун, 3 октябрь куни жаҳон чемпионатининг иккинчи кунида ўғил болалар ўртасида -73, -81 килограммда, қизлар орасида -57 ва -63 килограмм оғирликда ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Мазкур вазн тоифаларида Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар ёш дзюдочиси медаллар учун курашга киришади.
-57 килограммда Деспина Бочкова Мўғулистон вакили Ариунзая Тербишни билан, -63 килода Маржона Нуруллоева грузиялик Нона Долиашвили билан, -73 килограммда Ҳожиакбар Тошев Қирғиз Республикаси вакили Нурмаҳаммед Бакирдинов ва Мўғулистон терма жамоаси аъзоси Енҳтур Жугдергарав жуфтлиги ғолиби билан, -73 килограммда татамига чиқадиган Мардон Равшанов ҳиндистонлик Арун Кумар билан илк беллашувларда рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатида 67 та мамлакатнинг 530 нафардан зиёд ёш спортчилари қатнашмоқда. Иштирокчи дзюдочиларнинг 290 нафари ўғил, 249 нафардан ортиғи дзюдочи қизлардан иборат.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА