Сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорлик, замонавий технологик тараққиётнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Глобал миқёсда билим ва ресурсларни бирлаштириш, турли мамлакатлар ва ташкилотлар ўртасида инновацияларни тезлаштириш имконини беради.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШга хизмат сафари доирасида NVIDIA компаниясининг сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича глобал директори Шилпа Колхаткар билан учрашди.
Учрашувда вазир Ўзбекистоннинг рақамли трансформация стратегиясини амалга оширишда сунъий интеллект технологияларининг аҳамиятини таъкидлаб, Саудия Арабистонининг Akwa Power тизимидаги Data Volt компанияси билан яшил Data марказ қуриш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва сунъий интеллект стратегияси билан таништириб ўтди.
Томонлар юртимизда СИ инфратузилмаси ривожлантиришда компания билан ҳамкорлик имкониятлари, NVIDIA томонидан Ўзбекистонда юқори самарадорликка эга ҳисоблаш технологияларини жорий этиш, соғлиқни сақлаш, жамоат хизматлари ва ақлли шаҳарлар каби соҳаларда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, NVIDIA 1993 йилда ташкил этилган бўлиб технология соҳасида етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компания асосан график процессорлар (GPU) ва сунъий интеллект ечимлари билан танилган.
Учрашув сўнгида сунъий интеллект тадқиқот ва инновацион марказларини ташкил қилиш ҳамда давлат хизматчилари ва ёшларни ушбу соҳада ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш имкониятларига эътибор қаратилди.
М. ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА