Хабарингиз бор, Хитой Тайпейида U20 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубоги саралаш босқичи ўтказилмоқда. Унда Фарҳод Нишонов бошчилигидаги Ўзбекистон U20 терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.

Терма жамоамиз мазкур саралаш босқичида “B” гуруҳидан ўрин эгаллаган бўлиб, илк ўйинини Камбоджа термасига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда вакилларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз еттита тўп киритди. Ушбу голларга Азиз Тўлқинбеков ва Саидумархон Саиднуруллаев икки маротаба, Дилшод Абдуллаев, Муҳаммадали Ўринбоев ва Лазизбек Мирзаев эса бир мартадан муаллифлик қилди.

Шу тариқа, жамоамиз “B” гуруҳида битта ўйин кам ўтказган бўлсада 3 очко билан голлар нисбатига кўра, биринчи поғонани эгаллаб турибди. Шунингдек, Камбоджа ва Непал икки ўйинда биттадан ғалаба ва мағлубият эвазига 3 очко билан 2-4-поғонада бормоқда.

Баҳрайн терма жамоаси эса битта учрашувдаги ғалаба натижасида учинчи ўринга чиқиб олди. Мусобақа мезбонлари бўлган Хитой Тайпейи икки ўйинда мағлуб бўлиб сўнгги поғонада қолмоқда.

Энди Ўзбекистон U20 терма жамоаси 25 сентябрь куни Непалга қарши ўйин ўтказади. Шу куни Баҳрайн ва Камбоджа ёшлар термаси ҳам ўзаро рақобатлашади. Хитой Тайпейи эса бу кунда дам олади.

Маълумот ўрнида: ушбу саралаш босқичида 10 та гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган ва энг яхши натижа қайд этган яна бешта терма жамоа 2025 йилнинг 6-23 февраль кунлари Хитойда ўтадиган U20 Осиё кубогига йўл олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА