Президентимиз ҳар бир вилоятда ташкил қилинган Шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти бўйича ҳам эътирозлар кўплигини таъкидлади.

Кенгашга киритилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш 6 ойгача чўзилмоқда. Лойиҳалар Шаҳарсозлик кенгашига киритилишдан олдин тумандаги Санэпидназорат ва ёнғин хавфсизлиги билан келишилади. Ваҳоланки, уларнинг раҳбарлари кенгаш таркибида ўтирибди.

Кенгашда рад қилинган лойиҳани қайта киритиш учун “СЭС” ва ёнғин хавфсизлиги билан бошқатдан келишиш мажбурий.

Оқибатда қурувчи ва лойиҳачилар бунга 2 карра пул тўлаб, яна 2-3 ой йўқотаяпти.

Эндиликда Шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Бунда барча лойиҳалар кенгашга “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали электрон киритилади. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича “СЭС” ва ёнғин хавфсизлиги туман бўлимидан алоҳида хулоса олиш бекор қилинади.

Кенгаш аъзолари лойиҳани қуйи тизими билан шу платформада электрон келишади, лойиҳани кўриб чиқиш муддати 15 кундан ошмаслиги зарурлиги таъкидланди.

Ушбу тартибни 1 декабрдан Тошкент шаҳрида, келгуси йил 1 апрелдан қолган вилоятларда жорий қилиш топширилди.

ЎзА