Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиши давом этмоқда.

Қурилиш материаллари уюшмаси қошида Корея намунаси асосида синов лабораториясини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

Лабораторияда энергия самарадор, юқори қўшилган қийматли иссиқлик сақловчи материаллар, санфаянс, лак-бўёқ, керамика, ПВХ маҳсулотлари ҳамда хомашё сифатини текшириш йўлга қўйилади.

Экологик мувозанатни тиклаш мақсадида дарё ўзанларини қазишга мораторий жорий этилган. Шу муносабат билан муқобил хомашё базасини яратиш бўйича топшириқ берилган.

Республика бўйича 135 та қум-шағал участкалари аниқланиб, ҳозиргача улардан 40 таси аукционга чиқарилди. Қолган 95 та участкаларни аукционга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш топширилди.

Йил якунигача Олмалиқ комбинатида йиғилган уюмларни қайта ишловчи саноат майдонини ташкил этиб, йилига қўшимча 3 миллион куб метр қум-шағал етказиб бериш йўлга қўйилиши белгиланди.

ЎзА