Шу йил 1 декабрдан бошлаб Москва аэропортларида Россияга кириб келаётган хориж фуқароларини фото ва дактилоскопия орқали текширувдан ўтказиш синаб кўрила бошлайди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Александр Горовой “Коммерсанть” газетасига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур услуб синовидан сўнг ҳукумат ФХХ билан бирга тизимни барча чегарадан ўтиш нуқталарига ўрнатиш имкониятини кўриб чиқади. Эксперимент ўтказиш учун Москва танланиши пойтахтнинг “хорижлик фуқароларни ўзига тортувчи анъанавий марказ, йирик транспорт тармоғига эга манзил” мақомига эгалиги билан асосланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабридан ушбу давлатда меҳнат муҳожирлари ва Россияда узоқ вақт қолишни режалаштираётган чет эл фуқаролари дактилоскопиядан ўтиши, суратга олиниши ва тиббий кўрикдан ўтишини талаб этувчи ўзгариш кучга кирган. Меҳнат муҳожирлари амалиётни 30 кун ичида, бошқа тоифа чет элликлар эса 3 ой мобайнида бажариши керак. Беларусь фуқаролари, олти ёшгача болалар, халқаро ташкилотлар мансабдор шахслари ҳамда дипломатик ва хизмат паспорти бўлган шахслар бундан мустасно.

Дактилоскопиядан ўтгач, меҳнат муҳожирлари фото ва бармоқ изини акс эттирадиган чипли патентни қўлга киритади.

ЎзА