Чоршанба куни Бразилия суди Илон Маскнинг “Х” ижтимоий тармоғи (собиқ Twitter) дастурий таъминотини бразилиялик фойдаланувчиларга тақдим этиш учун ўзгартиргани сабабли қарийб миллион доллар жаримага тортди. Пайшанба куни иловага кириш яна йўқолди.
Август ойи охирида Бразилия Олий суди америкалик тадбиркор ўнг қанот радикалларнинг аккаунтларини ўчиришдан бош тортгани учун мамлакатда унинг фаолиятини тақиқлаган эди.
Шу билан бирга, Олий суд судьяси Алешандри де Мораис тақиқни бузган ҳар бир кун учун беш миллион Бразилия реали (тахминан 920 минг доллар) жаримага тортилиши ва Маскнинг мамлакатдаги компанияларининг активларини музлатиб қўйиши ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, судья Мораис мамлакатда “Х” аккаунтини тақиқлаб, бир вақтнинг ўзида унга киришда давом этаётганлар, масалан, VPNдан фойдаланганлар, кунига 50 минг Бразилия реали (тахминан тўққиз минг доллар) жаримага тортилиши ҳақида қарор чиқарди.
Компания бу ўлкада ўз ваколатхонасини ёпди ва Маск цензурага тоқати йўқлигини айтди. Шунингдек, у судьяни золим ва диктатор деб атаб, барча тўхтатилган аккаунтларни қайта фаоллаштириш билан таҳдид қилди.
– Сўз эркинлиги демократиянинг асоси ва бразилиялик судья уни сиёсий мақсадларда йўқ қилмоқда, -деди Маск ўз тармоғида.