Президент Шавкат Мирзиёевга спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисида ахборот берилди.
Аввало, оммавий спортни ва олимпия ҳаракатини янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Яқинда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари жами 39 та медални қўлга киритиб, юзлаб давлатлар орасида 13-ўринларни эгаллаган эди. Бу мамлакатимиз спорти тарихида энг юқори натижалар бўлди.
Мазкур нуфузли мусобақалар ғолиб ва совриндорлари билан учрашувда давлатимиз раҳбари 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган ўйинларга ҳозирдан тайёргарлик кўриш, йўлланмалар сони ва турини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари томонидан спорт турлари бўйича фойдаланилмаган имкониятлар яна бир бор танқидий таҳлил қилинди.
Мисол учун, Олимпия ўйинларида енгил атлетика бўйича 48 та, сув спорти турларида 49 та дастур мавжуд. Лекин вакилларимиз уларда 5 ва 4 та йўлланма билан қатнашди, холос.
Теннис, ўқ отиш, гимнастика, велоспорт бўйича федерациялар ҳам, шароит ҳам бор. Юнон-рум кураши, от спорти, қиличбозлик, эшкак эшиш бўйича ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турларини ҳам ривожлантириш зарур.
Мазкур спорт федерациялари ишини жонлантириш, ўқув-машғулотлар тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Олимпия ва паралимпия ҳаракати оммавий спортдан куч олиши таъкидланиб, маҳаллаларда селекция ишларини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни профессионал этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумки, келгуси йил юртимизда ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун Тошкентда Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда.
Шаҳарчага ташрифи чоғида Президентимиз бу мажмуа мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлиши зарурлигини айтган эди.
Шунга мувофиқ, Осиё ўйинларидан сўнг, Олимпия шаҳарчаси инфратузилмасидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун “Ақлли шаҳар” концепциясига асосланган маъмурий бошқарув ташкил этилади. У спорт мажмуаларини сақлаш, жиҳозлар ва техник тизимлар ҳолатини кузатиб бориш, зарур ҳолларда таъмирлаш билан шуғулланади. Устувор спорт турлари бўйича йиллик режа тасдиқланиб, ҳудудлардаги спортчиларнинг Олимпия шаҳарчасида ўқув-машғулот ўтказиши йўлга қўйилади. Шунингдек, бу тузилмага оммавий тадбирларни ташкил этиш, ижара ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
Олимпия ҳаракати ҳақида гап кетганда, қишки ўйинларни ҳам назардан қочирмаслик зарур. Шундай спорт турларидан бири хоккейдир.
Бугунги кунда хоккей бўйича 4 та спорт клуби ва 3 та спорт иншооти мавжуд. U-16 терма жамоамиз 2023 йилда Осиё ва Океания кубогида 1-ўрин соҳиби бўлган эди. Бу йил мазкур мусобақа илк бор Ўзбекистонда ўтказилиб, U-18 терма жамоамиз ғолибликни қўлга киритди.
Шуларга асосланиб, бу спорт турини ривожлантириш, кейинчалик Олимпия шаҳарчаси ҳудудида хоккей мажмуасини қуриш бўйича таклифлар билдирилди.
Давлатимиз раҳбари аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш, халқаро мусобақаларга тизимли тайёргарлик кўриш бўйича топшириқлар берди.