Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Осиё тараққиёт банкининг халқаро консультантлари ҳамда маҳаллий ишчи гуруҳ вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Филиал раҳбарлари билан бўлиб ўтган мулоқот давомида мазкур банк билан келгусида ҳамкорликда таълим ва қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва чорвачилик соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ижобий натижаларга эришиш, ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича филиал томонидан тақдим этилган фойдали лойиҳаларни ўрганиб чиқиш ва молиялаштириш, амалиётга татбиқ этиш каби муҳим таклифлар илгари сурилди.
Мулоқот давомида меҳмонлар Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария ва чорвачилик соҳалари бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай муҳит мавжудлигини алоҳида таъкидлаб, филиал раҳбариятини ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди. Ҳамкорликда иш олиб бориш, катта лойиҳаларни татбиқ этиш, шу орқали соҳа ривожига ҳисса қўшиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида лойиҳаларни тақдим этиш ва мақсадга йўналтириш услублари, шу жумладан, иқлим ўзгаришига чидамли чорвачиликни ривожлантириш лойиҳасини тайёрлаш бўйича батафсил тушунча берилди. Осиё тараққиёт банки вакиллари билан келгусида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва чорвачилик соҳасида аҳолига фойдали бўлган йирик лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.