Оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди
Кегейли туманидаги “Актуба” овул фуқаролар йиғини “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида оилавий шифокорлик пункти биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида профилактика ишларини яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Янги турар жойлар билан бирга массивни тўлиқ инфратузилма билан таъминлаш, ижтимоий объектларни қуриш бўйича режада белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида 12,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу шифокорлик пункти кундалик 50 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, замонавий лаборатория, эмлаш, кундузги стационар, муолажа хоналари аҳоли хизматида.
Энергия тежамкорлик – давр талаби
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Тўрткўл туманида бўлиб, энергия тежамкор технологиялар афзалликларини аҳолига тўғри тушунтириш ва амалда жорий этиш борасидаги ишлар билан танишди.
Туман раҳбарлари, маҳаллалар еттилиги ва масъул идора вакиллари иштирокидаги йиғилишда бу борада йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. Ишларни жадаллаштириш юзасидан аниқ муддат ҳамда вазифалар белгилаб олинди.
Оролбўйи хорижий журналистлар эътиборида
“France Televizion – France-2” телерадиокомпаниясининг Москвадаги бюроси журналистлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги “Судоче-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси ҳудудидаги “Судочье” кўлида бўлди.
“Судочье” аслида, “суви душши” деган маҳаллий иборадан олинган бўлиб, “суви чучук” маъносини англатади. Умумий майдони 50 минг гектардан ошадиган ушбу кўллар тизимида ҳозирда 240 га яқин турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қуш мавжуд бўлиб, улар орасидан табиатда кам учрайдиган фламинго қушлар тўдасини ҳам учратиш мумкин.
“Судочье” кўли гўзал табиати ва ажойиб ландшафти билан кўпчилик хорижий сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилиб келмоқда.
Довуд Абибуллаев ЎзА мухбири.