Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги “Қуёшли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Халқобод” маданият маркази биноси фойдаланишга топширилди.

Марказнинг очилиш тадбирида таъкидланганидек, сўнгги йиллари мамлакатимизда барча соҳалар қатори маданият ва санъатни ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур марказнинг янги биноси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига асосан республика бюджетининг 2,7 миллиард сўм маблағи ҳисобидан барпо этилди. Қўшимча 890 миллион 125 минг сўм маблағ ажратилиб, 25 дона мусиқа асбоби, овоз кучайтириш мосламаси ҳамда ўқув қўлланмалари билан ҳам таъминланди.

– Давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига алоҳида эътибори натижасида туманимизда яна бир замонавий бино фойдаланишга топширилди, – дейди марказ ходими Айгул Садуллаева. – Маданият маркази 168 та ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 3 та тўгарак фаолият олиб боради. Уларга 60 нафарга яқин ҳудуд ёшлари жалб қилинган. Бундан ҳудуд аҳолиси жуда мамнун, айниқса, ёшларимизнинг қувончи чексиз.

Тадбир якунида меҳмонлар янги маданият марказида аҳоли учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири