Реконструкция ишлари бошланади
Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 673-698 км (25 км) қисмини Осиё тараққиёт банки иштирокида цемент-бетон қопламаси билан реконструкция қилиш лойиҳаси бошланади.
Ушбу ишларда “Dorkomplekstsnab Plus” масъулияти чекланган жамият (Ўзбекистон) ва “New Tech Samarqand” (Ўзбекистон) қўшма корхоналари халқаро тендер савдоларида ғолиб деб топилиб, жорий йилнинг 22 август куни пудрат шартномалари имзоланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 60,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ичимлик сув таъминоти 80 фоизга етказилади
Амударё тумани “Ўрта қалъа” овули ҳудудидаги сув тақсимлаш иншоотида Озарбайжон Республикасининг “Archico Engineering company” пудратчи ташкилот томонидан магистрал ва ички сув тармоқларини тортиш ишларига старт берилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу лойиҳа орқали туман аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси янада ошиб, истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб бериш ҳажми ва сифати яхшиланишини алоҳида қайд этдилар.
Таъкидланганидек, аҳолини тоза ичимлик суви билан қамраб олиш даражасини янада ошириш мақсадида “Осиë тараққиëт банки” кредит маблағи ҳисобидан жами 42 миллион АҚШ доллар миқдоридаги 2 та йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида суткасига 40 минг куб метр сув етказиб бериш қувватига эга бўлган “Манғит” сув тозалаш иншооти янгидан қуриш ҳамда 68,5 км магистрал ва 289,2 км ички сув тармоқларини тортиш белгиланган.
Йўрға тувалоқлар ёввойи табиатга қўйиб юборилди
Қорақалпоғистон Республикасида йўрға тувалоқ (Chlamydotis macqueenii) қушлари ёввойи табиатга қўйиб юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда “Falcon Hunting Solutions” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро уюшмаси Қизил китобига киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш (CITES) Конвенциясининг 1-иловасига киритилган ноёб қуш – йўрға тувалоқларни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг ёввойи табиатига ҳар йили 2 минг бошдан 3 минг бошгача қўйиб юбориш режалаштирилган.
Ушбу режага асосан, Қўнғирот тумани ҳудудидаги Устюрт текислигига жами 2 минг 680 бош йўрға тувалоқ ёввойи табиатга қўйиб юборилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.