Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори маҳаллалар ободлигини таъминлаш, уларни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишнинг янги механизмларини жорий қилиш, аҳоли ва коммунал хизмат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллалар ҳудудида яшовчи аҳолини маҳалла ободлигига кенг жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида Фарғона вилояти, Бағдод тумани, “Юксалиш” МФЙ тажрибаси асосида мамлакатимиздаги 208 та маҳаллада, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидаги 17 та маҳаллада салоҳиятли тадбиркорлар иштирокида “Маҳалла сервис компаниялари” ташкил этилди. Мана шулар қаторида Нукус шаҳридаги Бўзовул маҳалла фуқаролар йиғинида “Бўзовул маҳалла сервис компанияси” фаолияти йўлга қуйилди.

Шаҳар ташқи айланма йўли бўйида жойлашган муҳташам сервис компанияси бугун маҳалланинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга, ҳудуд ободлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

– Президент қарори билан танишар эканман, унда “Маҳалла сервис компанияси”ни ташкил этган тадбиркорларга берилаётган имтиёзларни кўриб, жуда ҳайратландим, – дейди Сервис компанияси раҳбари, тадбиркор Р.Қалбаев. – Ўз ҳовлим ёнидаги катта йўлга қараган бўш жойда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича иморат тиклагандим. Шу боисдан “Маҳалла сервис компанияси”ни ташкил этиш менга қўл келди.

Қувонарлиси, улар мени қўллаб-қувватлашди. Тез фурсатда иморат замонавий кўринишда таъмирлаб берилиб, биз қарорда белгиланган 10 дан зиёд техник восита ва ускуна билан бепул таъминландик. Айниқса, компаниямизга замонавий 2 дона электр мотороллер берилиши маҳалла ободлигини таъминлашдаги ишларимизга жуда қўл келмоқда.

Айни пайтда мазкур Сервис компаниясида 12 нафар кишининг бандлиги таъминланган. Улар орасида электрик, сантехник, пайвандчи, тикувчи ва боғбон каби ўз ишининг усталари ҳамда ободонлаштириш ишларига масъул ходимлар мавжуд.

Компания ходимлари айни пайтда маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган оилаларнинг хонадонларида ободонлаштириш ишларини олиб бориш билан бирга, аҳоли, корхона ва ташкилотларга шартнома асосида пуллик хизматларни ҳам кўрсатмоқда. Ҳудудда темир эшик ва дарвозаларга талаб юқори бўлганлиги сабаб сервис компаниясида темир буюмларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Тадбиркорнинг тикувчилик цехида эса нафақат ушбу ҳудуддан, балки қўшни маҳаллалардан ҳам буюртмалар олинмоқда. Электр мотороллер, ер ҳайдаш мини ускунаси, ҳашаротларга дори сепиш ва бошқа ускуналар билан эса давлат ва жамоат ташкилотларига пуллик хизмат кўрсатилиб, даромад манбаига айланмоқда.

Тадбиркорнинг мақсад ва режалари кўп. У келажакда Сервис компаниясига берилган имкониятлардан янада фойдаланиб қўшимча хизматларни ҳам йўлга қўймоқчи. Маълумки, бунда доимий ва мавсумий ишчиларга ҳам талаб ортади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.