Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида янги 2024-2025 ўқув йили “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Мустақиллик дарси” билан бошланди.
Янги ўқув йилининг очилиш маросимида дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, филиал профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар барчани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати ҳамда талабалик бахтига муяссар бўлган ёшларни самимий қутлади. Уларга янги ўқув йилида янги марраларни забт этишини, юқори натижаларга эришишларини тилади. Шунингдек, Президентимиз ғамхўрлиги билан жорий йилда ҳам фақат қорақалпоғистонлик ёшлар учун алоҳида квоталарнинг ажратилиши минглаб ёшларга катта имконият берганлиги қайд этилди.
Филиал раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар томонидан замонавий аудиторияларда талаба-ёшларга “Мустақиллик дарси” ташкил этилди. Дарслар давомида талабаларга мустақил юртимизнинг шонли тарихи, истиқлол даврида амалга оширилган эзгу ишлар ҳамда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида батафсил сўз борди. Юртимизда мустақиллик шукуҳи кезиб юрган онларда жонажон Ватанимизни янада кўпроқ қадрлашимиз, меҳр-муҳаббат ва шукроналик ҳисларини чуқур англаб етишимиз зарурлиги таъкидланди.
Талаба-ёшларга мамлакатимизда ўтган қисқа давр мобайнида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда турли соҳаларда жумладан, олий таълимда эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек сўнгги йилларда ёшларни олий таълим соҳасига қамраб олиш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида урғу берилди. Мазкур дарслар орқали талаба-ёшлар онгига забт этилган катта марралар моҳияти, мустақиллик улуғ неъмат эканлиги сингдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири