Қарор ва ижро

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг асосий ўзаги ҳисобланган маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, шаҳар марказлари ҳамда чекка қишлоқ ҳудудларини ҳар тарафлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон маҳаллалари мисолида қарайдиган бўлсак, бу борада сўнгги икки йилнинг ўзида қурилиш-ободонлаштириш ишларининг олиб борилганини кўришимиз мумкин. Муҳими, бу янгиланишларни халқимиз теран ҳис қилиб, бугунги ҳаётидан рози бўлмоқда.

Президентимиз томонидан қабул қилинган “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам “Инсон қадри учун” тамойили асосида қилинаётган эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарор ижроси доирасида бугунги кунда Қорақалпоғистондаги 17 та маҳалла ҳудудлардаги салоҳиятли тадбиркорлар иштирокида Маҳалла сервис компаниялари ташкил этилиб, уларга маҳалла ва маҳаллага туташ жойлардаги бўш бинолар бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилди.

Масалан, Нукус туманидаги “Деҳқон арна” маҳалла сервис компанияси биноси тез фурсатда янгидан қуриб, бугунги кунда компанияга 2 та электр мотороллер ва бошқа зарурий ускуналар етказиб берилди. Айни пайтда мазкур Сервис компаниялари маҳаллалардаги кўчалар билан ҳудудлардаги кам таъминланган оилаларнинг хонадонларида ободонлаштириш ишларини бошлаб юборди.

Ўрни келганда таъкидлаш жоизки,  Сервис компанияларини ташкил этган тадбиркорларга аҳолига хизмат кўрсатишда бепул хоналар ажратилиб, маҳалла ва компания ўртасидаги шартномалар тўғридан-тўғри амалга оширилмоқда. Шунингдек, улар аҳолига хизмат кўрсатишда зарур бўладиган 10 дан ортиқ техник воситаси ва ускуналар билан бепул таъминланди. Компания ва ходимлар даромадига ижобий таъсир қиладиган солиқ имтиёзлари яратилди.

Ободонлаштириш ишлари учун маҳаллаларга, жумладан, маҳалла сервис компанияларига жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан ҳар ойда 20 миллион сўмдан маблағ ажратилмоқда. Берилаётган ушбу имтиёзлар натижасида Сервис компаниясини ташкил этиш истагидаги тадбиркорлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Сервис компаниялари маҳалла фуқаролар йиғини буюртмаси асосида ўзларига тегишли маҳаллаларда, жумладан, кўчаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боради, ариқ ва лотоклар, суғориш тизимларини тозалайди, ҳар хил ниҳолларни экади, уларнинг парваришига масъул бўлади.

Ижтимоий объектларга шартнома асосида ободонлаштириш ва коммунал эксплуатация хизматларини кўрсатади, чиқиндиларни йиғиб, саралайди ва тегишли корхоналар томонидан ўз вақтида олиб чиқиб кетилишини таъминлайди. Шунингдек, аҳоли талабларидан келиб чиқиб, уларга сантехника, электрик, пайвандлаш, маиший техникаларни таъмирлаш, қуёш панелини ўрнатиш, томорқа ва дарахтларни парвариш қилиш каби 20 тадан ортиқ ижтимоий турдаги пуллик хизматни кўрсатади.

Айни пайтда ҳудуддаги 17 та маҳалла сервис компаниясида 133 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ишчилар сони аҳоли талабига кўра янада ортиб бориши билан бирга қўшимча мавсумий ишчилар ҳам жалб қилинади.

Қарорда Маҳалла сервис компаниялари билан ишчиларнинг даромадини оширишда қатор имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, компания ижтимоий аҳамиятдаги пуллик хизматларни кўрсатиш доирасида фойда, мол-мулк, ер ва ижтимоий тўловлардан, ишчилар эса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинди.

Кутилаётган натижаларга эътибор берадиган бўлсак, келгуси йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги 452 та маҳалланинг барчасида сервис компаниялари фаолияти йўлга қўйилади. Бу маҳалла еттилигига қўшимча 452 та штат бирлиги, ҳар бир сервис компанияси доимий ва мавсумий ишчилар учун ўртача 15-20 нафар ишчини қамраб олганда жами 1000 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилади дегани.

Бир сўз билан айтганда бу тизим маҳаллаларимиз ободлигини таъминлаш билан бирга, биринчи навбатда улардаги ижтимоий ёрдамга муҳтож, ишсиз қатламнинг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Сағиндиқ ТУРМАНОВ,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА