Европа Иттифоқининг янги элчиси иш бошлади

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Тойво Клаар вазифасини бажаришга киришди. Бу ҳақда тузилманинг мамлакатимиздаги делегацияси сайтида хабар берилди.
Бугун элчи билан учрашув ўтказган ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов дипломатдан ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиб олди.

– Мулоқот кун тартибидан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бошқа долзарб глобал масалалар ўрин олди, – деди Б.Саидов. – Ишончимиз комилки, жаноб элчининг тажрибаси ва минтақамиз бўйича чуқур билими дипломатик миссияси самарали кечишига хизмат қилади.

Сўнгги етти йилда Тойво Клаар ЕИнинг Жанубий Кавказ ва Грузиядаги инқироз бўйича махсус вакили лавозимида ишлаган. У Гарвард университетида ўқиган, Жон Кеннеди номидаги Давлат бошқаруви мактабида магистр даражасини олган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил мартидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган Шарлотта Адриан июль ойида дипломатик миссиясини якунлади.
Б.Худойбердиев, ЎзА