Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Яқинда микромолия хизматлари бўйича янги механизмлар жорий қилинди.

Эндиликда 2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилади.

Шунингдек, камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон (фуд-трак), мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади.

Камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредит ажратилади.

“Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида камида 5 тадан “драйвер” лойиҳани инфратузилма билан таъминлаш учун йил якунигача 500 миллиард сўм, келаси йили яна 1 триллион сўм ажратилади.

Ҳокимларга бу лойиҳаларни тезлаштириб, йил охиригача 150 минг аҳолини ишли қилиш топширилди.

ЎзА