Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Бир йил давомида яна 50 минг гектар ерни 100 мингта камбағал оилага бўлиб бериш режалаштирилгани маълум қилинди.

Ушбу ерларда “компания – кооператив – деҳқон хўжалиги” тамойили асосида деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этилади. Бунда, ердан уч хил даромад олинадиган янги тизим яратилади:

– қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи ва экспорт қилувчи катта компания камбағал оилалардан ерни иккиламчи ижарага олади;

– ёки ер эгалари улушдор сифатида кооперацияга бирлашиб, компаниялардан буюртма олади ва топилган даромад улар ўртасида тақсимланади;

– ҳар икки ҳолатда ҳам ушбу аҳоли ерда ўзи маҳсулот етиштириб, бунинг учун ойлик олади.

Яъни, камбағал оила ўзига берилган ердан янада самарали фойдаланиб, ойлик олиш билан бирга, ижара ёки дивиденддан даромад кўради.

Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда бу орқали камида 200 минг аҳолини банд қилиш топширилди.

ЎзА